Асосий қисмга ўтиш

Оммавий оферта — манзил текшируви хизмати

Кучга кириш санаси: 2026-йил 11-ноябрь

Бу матн лотин ёзувидаги асл матндан автоматик ўгирилган. Фарқ бўлса, лотин ёзувидаги матн устун.

1. Умумий қоидалар

Ушбу ҳужжат «SYNCSOFT» МЧЖ (СТИР 313418182; бундан кейин — Ижрочи) томонидан uytekshir.uz сайти (бундан кейин — Сайт) орқали пуллик манзил текшируви хизматини кўрсатиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ оммавий оферта ҳисобланади.

Сайтда текширув учун тўлов қилган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс (бундан кейин — Буюртмачи) ушбу офертани тўлиқ ва сўзсиз қабул қилган (аксепт) ҳисобланади. Шартнома аксепт пайтидан тузилган ҳисобланади.

Хизматдан фойдаланиш Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати билан ҳам тартибга солинади — улар ушбу офертанинг ажралмас қисми.

2. Хизмат

Ижрочи Буюртмачига маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятини беради: Тошкент шаҳридаги киритилган манзил (кўча ва уй рақами, кадастр рақами ёки харитадаги нуқта) бўйича расмий очиқ манбалар асосидаги автоматик хулоса — «Олишни тавсия қилмаймиз», «Олишдан олдин чуқур текширинг» ёки «Базамизда белги топилмади» — ва умумий текшириш рўйхати.

Битта текширув — битта манзил (уй, хонадон, кадастр рақами ёки нуқта) бўйича битта хулоса. Ўша манзилни ўша аккаунтдан 24 соат ичида қайта текшириш учун қўшимча ҳақ олинмайди.

Хулоса маълумот характерига эга, уйнинг юридик тозалигини тасдиқламайди ва нотариус, кадастр маълумотномаси ёки бошқа расмий текширув ўрнини босмайди (Фойдаланиш шартлари, 2–3-бўлимлар).

Фискал чек учун: МХИК 10305008002000000 («Учинчи шахсларга дастурий таъминот (маълумотлар базаси)дан фойдаланиш имкониятини бериш хизматлари»), қадоқлаш коди 1514296.

3. Нарх ва тўлов

Ҳар бир Telegram аккаунтига биринчи текширув бепул. Кейинги текширувлар нархи: 1 та — 10 000 сўм; 5 та — 40 000 сўм. Нархлар ҚҚСсиз (Ижрочи ҚҚС тўловчиси эмас).

Тўлов 100% олдиндан, Multicard тўлов тизими саҳифасида банк картаси (Uzcard, Humo ва бошқалар) ёки тўлов иловалари (Payme, Click, Uzum ва бошқалар) орқали амалга оширилади. Карта маълумотлари Ижрочига келмайди.

Тўлов тасдиқлангач, сотиб олинган текширувлар Буюртмачи аккаунтига қўшилади; электрон фискал чек тўлов тизими орқали берилади. Сотиб олинган текширувлар муддатсиз амал қилади.

Ижрочи нархларни ўзгартириши мумкин; янги нарх Сайтда эълон қилингандан кейинги тўловларга қўлланади ва олдин сотиб олинган текширувларга таъсир қилмайди.

4. Хизмат кўрсатиш тартиби

Текширув учун Telegram орқали кириш керак (Махфийлик сиёсати, 2-бўлим).

Текширув фақат хулоса кўрсатилганда ҳисобдан ечилади. Манзил топилмаса, аниқ топилмаса («Манзил аниқ топилмади»), уй рақами сўралса ёки техник хато бўлса — ечилмайди.

Хизмат хулоса Буюртмачига кўрсатилган пайтда кўрсатилган ҳисобланади.

5. Пулни қайтариш

Пул фақат бутун харид учун қайтарилади: битта харид (1 та текширув ёки 5 та текширув пакети) бўйича. Хариднинг бир қисмини (масалан, пакетдаги ишлатилмаган текширувларни алоҳида) қайтариб бўлмайди.

Пул автоматик қайтарилмайди — фақат сўров бўйича. «Харидларим» саҳифасида харид ёнидаги «Пулни қайтаришни сўраш» орқали (тўловдан кейин 14 кун ичида) ёки info@mockint.uz га ёзинг: қайтариш сабабини ва жавоб учун алоқа маълумотини (Telegram, телефон ёки э-почта) кўрсатинг.

Ҳар бир сўровни ходим 10 иш куни ичида кўриб чиқади ва сиз ёзган алоқа орқали жавоб беради.

Қайтариш шартлари: сўров тўловдан кейин 14 кун ичида берилган ва шу хариддаги текширувлар ишлатилмаган бўлиши керак. Пакетдаги текширувлардан биттаси ишлатилган бўлса ҳам, пакет учун пул қайтарилмайди. Ишлатилган текширув учун пул қайтарилмайди — хулоса кўрсатилган пайтда хизмат кўрсатилган ҳисобланади.

Пул ечилган-у, текширувлар қўшилмаган бўлса (техник носозлик) ёки икки марта тўланган бўлса, муддатдан қатъи назар info@mockint.uz га аккаунт (Telegram) ва тўлов санасини ёзинг — текширувлар қўшилади ёки ортиқча тўлов қайтарилади (қуйидаги комиссия қоидаси билан).

Қайтариш тасдиқланса, пул Multicard тўлов тизими орқали тўлов қилинган карта ёки ҳисобга қайтарилади. Тўлов тизими комиссияси — тўланган сумманинг 2 % — қайтарилмайди: 98 % қайтади (масалан, 10 000 сўмлик харид учун — 9 800 сўм). Шу хариддаги текширувлар аккаунтдан олиб қўйилади ва «Харидларим»да электрон қайтариш чеки пайдо бўлади. Пул картага тушиш вақти банк ва тўлов тизимига боғлиқ.

6. Жавобгарлик

Ижрочи хулосанинг манбалардаги маълумотга мослиги учун жавоб беради; манбаларнинг ўзидаги хато, кечикиш ёки тўлиқсизлик учун жавобгар эмас (Фойдаланиш шартлари, 3-бўлим).

Қонун йўл қўйган даражада Ижрочининг жавобгарлиги тегишли текширув учун тўланган сумма билан чекланади.

Хизматнинг узлуксиз ишлаши кафолатланмайди; техник ишлар ёки носозлик вақтида текширувлар ечилмайди.

7. Шахсга доир маълумотлар

Махфийлик сиёсатига мувофиқ қайта ишланади.

8. Низолар

Низолар музокара йўли билан ҳал қилинади; келишилмаса — Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда судда. Мурожаатларга 10 иш куни ичида жавоб берилади.

9. Амал қилиш муддати ва ўзгартириш

Оферта Сайтда эълон қилинган кундан бошлаб Ижрочи уни қайтариб олгунча амал қилади. Ўзгаришлар шу саҳифада сана билан эълон қилинади ва эълондан кейинги тўловларга қўлланади.

10. Ижрочи реквизитлари

Ижрочи
«SYNCSOFT» МЧЖ
СТИР
313418182
Манзил
Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз, Турон МФЙ, Турон кўчаси, 42
Банк реквизитлари
«Ипак Йўли» АИТБ, ҳ/р 20208000007557349001, МФО 01048
Телефон
+998 90 810 03 52
Эмаил
info@mockint.uz

Фойдаланиш шартлари · Махфийлик сиёсати